2015 йилдан бери 32 давлатда Зика вирусини тасодифан юқтириш ҳолатлари қайд қилинган, бу давлатлардан 26 таси Ғарбий яримшарда жойлашган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.

Ушбу рўйхатга Ғарбий яримшардаги қуйидаги давлатлар ва ҳудудлар киритилган: Барбадос, Боливия, Бразилия, Венесуэла, АҚШ Виргиния ороллари, Доминикан Республикаси, Гаити, Гайяна, Француз Гвианаси, Гваделупа, Гватемала, Гондурас, Колумбия, Коста-Рика, Кюрасао, Мартиника, Мексика, Никарагуа, Панама, Парагвай, Пуэрто-Рико, Сальвадор, Сен-Мартен, Суринам, Эквадор ва Ямайка.

Жануби-Шарқий Осиёда Зика вируси тарқалиши Мальдив оролларида, Африкада Кабо-Вердеда, Ғарбий-Тинч океани минтақасида Вануату, Фиджи, Самоа ва Сулаймон оролларида қайд этилган.

Зика вируси биринчи марта 1947 йилда Угандада қайд қилинган. Касалликнинг клиник аломатлари қуйидагича: тана ҳароратининг бироз кўтарилиши, қалтираш, бош оғриғи, бўғимлар ва белдаги оғриқ, терига тошма тошиши, ҳолдан тойиш. Яқин вақтгача Зика вируси одам учун хавфсиз деб ҳисобланиб келинарди.

ЖССТ 1 февралда Зика вирусининг ҳозирдаги авж олишини дунё соғлиқни сақлаш тизимига таҳдид деб эълон қилди. ЖССТда таъкидланишича, "Зика вируси билан ҳомиладорлик вақтида ҳомилада микроцефалия касаллиги авж олиши ўртасида боғлиқлик борлигига жиддий шубҳалар бор, бироқ бу илмий асосланмаган".