Ўзбекистон ва Россия 2016 йилнинг 1 чораги сўнгига қадар Москвада меҳнат муҳожирлари масалаларига бағишланган учрашувни ташкил этади. Бу ҳақда Sputnik Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи Ботир Шахриёровга таяниб хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон экспертлари 2015 йилнинг иккинчи ярмидан буён Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун ташкилий танлаш ҳақидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳасини тайёрлаш бўйича фаол ишлашмоқда. Мазкур масала икки давлат меҳнат вазирликлари даражасида бир неча бор муҳокама қилинди.

“Ўзбек ва рус томони тайёрланаётган ҳужжатнинг дастлабки лойиҳасини алмашиб улгуришди. 2016 йилнинг биринчи чорагида Москвада вазирлар даражасида учрашув ўтказилиб, шу йўналишдаги жараён муҳокама қилинади. Мазкур шартнома Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни ижтимоий ва ҳуқуқий кафолат билан таъминлайди”, - деди Шахриёров.

2015 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, Россияда 1,9 миллион Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.