Неймарнинг отаси: Ўғлимга бошқа ўта ҳотамтой жамоадан таклиф берилган

Спорт 03 Февраль 2016 3631

"Барселона" ҳужумчиси Неймарнинг отаси 2 февраль куни ўғлининг "Сантос"дан Каталония жамоасига ўтишида содир этилган молиявий фирибгарлик билан боғлиқ суд жараёнида кўрсатма бериш вақтида ўғлига кучли клубдан молиявий жиҳатдан ўта жиддий таклиф тушганини тасдиқлади. У гап "кўпмиллионлар" ҳақида кетаётганини таъкидлаган.

Catalunya Radio нашри хабарида айтилишича, у Неймарнинг "Барселона"дан кетиш ниятида эмаслигини ҳам айтган. 23 ёшли ушбу ҳужумчининг каталонияликлар билан шартномаси 2018 йилга қадар давом этади.

Бундан олдинроқ, маҳаллий нашрларда "Реал" президенти Флорентино Перес Неймарни ўз жамоасида кўришни истаётгани, уни таркибга жалб этиб, унга йилига 35 млн евродан иборат маош тўлашга розилиги ҳақида хабарлар тарқалганди. У шунингдек, бу трансфер амалга ошса, футболчига 30 млн евро миқдоридаги мукофот бериш ниятида экани айтилганди.

Маълумот учун, 2013 йилда "Барселона"га келган Неймар жорий мавсумда Испания чемпионатининг 18та ўйинида майдонга тушган ва 16та гол уриб, 9та голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, унинг ҳисобида Чемпионлар лигасининг 5 ўйинида урилган 2 гол ва 3 та голли узатма ҳам бор.

Каталонияликлар унинг трансфер нархини 190 млн евро қилиб белгилаб қўйишган.

Кўпроқ янгиликлар