"Бавария"нинг чилилик ярим ҳимоячиси Артуро Видаль жамоанинг Қатарда ўтказилган қишки йиғини вақтида ички тартибларни бир неча марта қўпол равишда бузган ва бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг ғазабини келтирган.

Sport Bild нашрининг ёзишича, у қишки йиғин вақтида бир неча марта жамоа қароргоҳини рухсатсиз тарк этган ва маст ҳолатда қайтган. Гвардиола шундан сўнг футболчини ишга нопрофессионал тарзда ёндашишда айблаган, кейин бош мураббий ва футболчилар ўртасида жиддий мунозаралар келиб чиққан. Бу маълумот жамоанинг ўз номини сир сақлашни сўраган футболчиси томонидан нашрларга чиқариб юборилган.

Маълумот учун, Видаль 2015 йилнинг ёзида "Ювентус"дан "Бавария"га ўтганди. Кейинроқ, Гвардиола де Брюйнени ҳамда Раҳим Стерлингни трансфер қилишни сўрагани, лекин раҳбарият Видални танлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўтган йилнинг охирида эса Гвардиола мавсум якунида жамоадан кетишини эълон қилди. Бироз олдинроқ, у ҳозирда таркибига де Брюйнени ҳамда Раҳим Стерлингни жалб қилган "Манчестер Сити"да фаолиятини давом эттириши маълум қилинди.

Видаль мавсумнинг биринчи даврасида 28та ўйинда майдонга тушди ва 3та гол урди.

Гвардиола ўзи ва шогирдлари ўртасидаги муносабат ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни инкор этди

"Бавария" жамоанинг ички муҳити ёмонлашгани ҳақида нашрларга ахборот чиқарган футболчисини аниқламоқчи