2016 йилда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш манзилли дастурига мувофиқ 164та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Review.uz хабар берган.

Унга кўра, маҳаллий корхоналар томонидан 46 фоиз инвестициялар ўзлаштирилиши ва саноатнинг ёқилғи-энергетика, кимё, нефткимё ва металлургия соҳаларидаги 35 та лойиҳага йўналтирилади.

Манзилли дастур ишларининг катта қисми «Ўзбекэнерго» АЖ зиммасига юкланди. Хусусан, июль ойида қурилаётган «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўл линиясининг тортиш ёрдамчи станцияларидаги ташқи энергия таъминоти объектлари қурилишини тугатиш кўзланган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 124 километрлик «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишига қарийб 1,5 млрд. доллар йўналтиради. Жорий йилда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ томонидан умумий қиймати 94 млн. долларга тенг бешта янги ишлаб чиқаришнинг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Сингапурнинг «Индорама Қўқон текстиль» корхонаси пахтадан йигирилган ип ишлаб чиқаришини кенгайтиришга 35 млн. доллар сармоя киритади», дейилади хабарда.