Қозоғистоннинг Ақтобе вилояти губернатори Бердибек Сапарбаев Мулгажар тумани йиғилиш ўтказди ва ўз ишида масъулиятсизлик қилган раҳбарларга танбеҳ берди. Бу ҳақда 7news.kz ахборот агентлиги хабар тарқатган.

"Овулдагилар 10 йилдан бери электр токисиз ўтиришибди. Сизларникида эса ҳамиша ток бўлган. Акимнинг (Ҳоким - таҳририят) ва унинг ўринбосарининг уйида электр токини ўчириш бўйича кўрсатма бераман. Қачонки Кайиндида свет ёнса, шунда уларникида ҳам ёнади", деган губернатор.

У шунингдек, туман акими Серик Шангутовни ҳудудда ободонлаштириш ишларини ҳам кўнгилдагидек олиб бора олмагани учун танқид қилган.

"Сиз 11 йил ичида атиги 11та кўчага асфальт ётқизибсиз. Бир йилда битта. Демак, ҳали сизга яна 30 йил вақт керак. Туманда асфальт ётқизилиши керак бўлган кўчалар сони айнан шунча", деган Сапарбаев.

Сапарбаев Қозоғистоннинг турли ҳудудларида 1990-йилларнинг аввалидан буён турли раҳбарлик вазифаларида ишлаган. Хусусан, у Қизилўрда, Жанубий Қозоғистон Шарқий Қозоғистон вилоятларида фаолият кўрсатган. У шунингдек, президент маъмуриятида ишлаган. Сапарбаев 2015 йилнинг кузида Ақтобе вилояти раҳбари этиб тайинланганди.

Ақтобе вилояти мамлакат ғарбидаги улкан саноат ҳудуди ҳисобланади. Бу вилоят шимолда Россиянинг Оренбург вилояти билан чегарадош. 2014 йилги маълумотларга кўра, вилоят аҳолисининг 81 фоизи қозоқлар, 12,5 фоизи руслар ҳисобланади.