Хитой жамоаларидан бири Яя Туре учун йилига 30 млн фунт маош таклиф қилмоқда

Спорт 03 Февраль 2016 1249

"Манчестер Сити" жамоаси ярим ҳимоячиси Яя Туре ўз фаолиятини Хитой клубларидан бирида давом эттириши мумкин.

The Telegraph нашрида ёзилишича, унга Хитойнинг бирайўла учта жамоасидан таклиф билдирилган.

Манбанинг таъкидлашича, 32 ёшли ивуарлик футболчига "Цзянсу Сайнти" клуби катта қизиқиш билдирмоқда. Хитой чемпионати вакили тажрибали ярим ҳимоячига йилига 30 млн фунт (39,5 млн евро) тўлашга тайёрлиги айтилган. Яъни, агар Туре бу трансферга розилик билдирса, ҳафтасига 577 минг фунт ишлайди, бу эса унинг ҳозирги маошидан 2 баравар кўп демакдир.

Агар бу трансфер амалга ошса, Яя Туре Месси ("Барселона", йилига 47,8 млн фунт) ва Роналду ("Реал", йилига 39,7 млн фунт) каби футболчилардан кейин дунёда энг кўп миқдордаги маош тўланадигани учинчи футболчига айланади.

Қайд этиш керакки, Хитойда қишки трансферлар 26 февралгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Яҳё Туре 2010 йилдан буён "шаҳарликлар" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Кўпроқ янгиликлар