Мадриднинг «Атлетико» жамоасидан Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» жамоасига 42 млн евро эвазига трансфер қилинган колумбиялик ҳужумчи Жексон Мартинесга тайинланган маош миқдори маълум бўлди.

Хитойдаги Dn нашри маълумотига кўра, 29 ёшли бу футболчи янги жамоасида йилига 12,5 млн евродан маош олади. Унинг шартномаси 4 йил муддатга тузилган.

Манбанинг ёзишича, бу орқали Мартинес дунёнинг энг кўп миқдорда маош оладиган футболчилари бешталигига кирди. Ундан кўпроқ маош оладиган футболчилар сифатида Криштиану Роналду («Реал», 21 млн евро), Лионель Месси («Барселона», 20 млн евро), Златан Иброҳимович («ПСЖ», 16 млн евро) ва Томас Мюллер («Бавария», 13,5 млн евро) номлари саналган.

Маълумот учун, Жексон Мартинес 2015 йилнинг ёзида «Порту»дан «Атлетико»га 35 миллион евро эвазига ўтганди. У мадридликларнинг асосий таркибига кира олмади ва 15 учрашувда майдонга тушиб, 2та гол урганди.

Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» жамоаси 42 млн евро эвазига Жексон Мартинесни трансфер қилди