2015 йилнинг охирги 3 ойи давомида Nintendo компаниясининг даромади янги ўйинларнинг йўқлиги сабабли 36 фоизга камайиб кетди, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри.

2015 йилнинг 4-чорагига тўғри келувчи 3-молиявий чоракда Nintendo’нинг соф даромади 29,1 млрд иен (241,3 млн доллар)ни ташкил қилди, бир йил аввал бу кўрсаткич 274,8 млн долларни ташкил қилганди. Тушум 19 фоизга, яъни 1,8 млрд долларгача камайиб кетган.

Компания даромадлари таҳлилчиларнинг прогнозларидан камроқни ташкил қилди.

Экспертларнинг фикрича, Nintendo’нинг 3-молиявий чоракдаги паст натижалари бозорда компаниянинг янги йирик лойиҳаларининг йўқлиги билан боғланган. Компаниянинг ўзи Super Mario Maker ва Splatoon ўйинларига талабнинг катталигига эътиборни қаратмоқда, бу икки ўйин умумий ҳисобда 7,4 млн нусхада сотилган.

Компания 2015 йилнинг 4-чорагида Wii U ўйин приставкасидан 1,87 млн дона сотган, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 2 фоиз камроқни ташкил қилган. Бу қурилма пайдо бўлган 2012 йилдан бери ундан жами 12,6 млн дона сотилган. Таққослаш учун, Wii U’дан бир йилдан кейин сотувга чиққан, рақобатчиларнинг PlayStation 4 ва Xbox One приставкаларидан мос равишда 36 млн ва 19 млн дона сотилган.