Словениянинг "Домжале" жамоаси испаниялик Альваро Брахи билан LinkedIn ижтимоий тармоғи ёрдамида битим тузди. Жамоа бош мураббийи Лука Эльснер ушбу сайтда "ҳужумкор ўнг қанот ҳимоячиси" қидираётгани ҳақида эълон берган. Шундан сўнг бир қанча номзодлар орасида Брахи танлаб олинган.

"Домжале"нинг бюджети катта эмас, бизда янги футболчи сотиб олиш учун маблағ етарли эмас. Лекин бизга захира футболчиси керак эди, биз эса Словениядан талабларимизга жавоб берадиган футболчи топа олмадик. LinkedIn тармоғига мурожаат қилиш мураббийнинг ғояси. Биз ҳам буни яхши ғоя сифатида қўллаб-қувватладик. Натижада, бир қанча номзодларни кўрикдан ўтказдик ва якунда Брахи номзодида тўхталдик. Бир ҳафталик синовдан кейин у билан битим имзоланди", дея маълум қилган жамоанинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими директори Грег Крмавнар.

Брахи айни вақтда 30 ёшда. Унинг футболчилик фаолиятидаги охирги жамоаси "Видеотон" бўлиб турганди. У бу жамоада 4 мавсум давомида тўп сурган, 2014-15 йилги мавсумда 7та учрашув ўтказган, лекин мавсум охирида у билан шартнома узайтирилмаганди.