Россия Мудофаа вазирлиги 1 февраль куни Суриядаги ҳарбий қисмларидан бири жойлашган ҳудудни миномётлардан ўққа тутилиши оқибатида россиялик зобит ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.

"1 февраль кунги зарба туфайли ҳалок бўлган Россия ҳарбий маслаҳатчиси мамлакатлар орасида амал қилаётган ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномаси доирасида Сурия армиясига янги техникани ўргатиш учун юборилган эди", — дейилган Мудофаа вазирлиги хабарида.

Хабарда таъкидланишича, Россия ўз ҳарбийларини Сурияда қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши учун жўнатмаган.

Исми айтилмаган бу марҳум ҳарбий хизматчи Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга қўшилганидан бери йўқотган тўртинчи ҳарбийси бўлди.

У ўлимидан кейин давлат мукофотига тақдим этилди.

2015 йилнинг 30 сентябридан бошлаб, Сурия президенти Башар Асар мурожаатига биноан, Россия Ҳаво-космик кучлари ИШИД ва "Жебҳат ан-Нусра" террорчи гуруҳларига ҳаводан зарбалар бериб келмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрида Су-24 самолёти уриб туширилиши вақтида учувчилардан бири ҳалок бўлган, иккинчи учувчини қутқариш амалиёти вақтида яна бир ҳарбий ўққа учганди.

Ундан олдинроқ, октябрь ойи охирида Латақиядаги ҳарбий базада ўз жонига қасд қилгани айтилган россиялик ҳарбий хизматчи жасади Краснодарга олиб келиниб, дафн қилинганди.

Маълумот учун, Сурияда 2011 йилдан бери ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларга қарши уруш давом этмоқда. БМТ хабарига кўра, ўтган давр мобайнида 220 минг киши бу урушлар қурбони бўлган.