Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2016 йилдаги фаолиятида энг истиқболли йўналиш Тошкентда ўтадиган ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг 15-саммити бўлади. Бу ҳақда ташкилотнинг янги бош котиби Рашид Алимов баёнот берди.

“2016 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун ўзига хос бўлади, - деди у бош котиблик лавозимига кириш муносабати билан ўтказилган қабул чоғида. – Июнда Тошкентда ШҲТ етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтади, унда ташкилотнинг 15 йиллик фаолиятига баҳо берилади. Юбилей саммитга тайёргарлик 2016 йилнинг энг устувор йўналишидир”.

Тожикистон вакили бўлмиш Рашид Алимов 2016 йил январидан ШҲТ бош котиби лавозимини қабул қилиб олди. У мазкур лавозимда Дмитрий Мезенцевнинг ўрнини эгаллади.

Алимов ташкилот охирги 15 йил ичида кўп қутбли дунёнинг энг муҳим тортишиш нуқталаридан бирига айланганини таъкидлаб ўтди.