Sony компаниясидан сотиб олинган VAIO компьютер брендининг янги эгалари ноутбук, Android’да ишловчи планшет ва смартфон ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмасликка қарор қилди. Японияда Windows 10 операцион тизимида ишловчи VAIO-смартфон тақдим қилинди. Бу смартфон назарий жиҳатдан компьютер ўрнини боса олади.

VAIO Phone Biz деб номланган смартфон ўз кўриниши билан тадбиркорларга мўлжалланганига ишора қилиб туради. Смартфон 8 ядроли Snapdragon 617 процессори, FullHD-экран ва 3 ГБ тезкор хотира билан жиҳозланган.

Катта сиғимли тезкор хотира Windows 10 Mobile’да Continuum функциясидан фойдаланган ҳолда смартфондан компьютер сифатида фойдаланишга имкон беради, унга симсиз интерфейс ёки док-станция орқали дисплей, клавиатура ва сичқончани улаш мумкин бўлади. Қурилма кўриниши жиҳатидан хушбичим ишланган, корпуси бошқа флагман моделлар каби металлдан ишланган.

VAIO Phone Biz Японияда 50 минг иендан сотилади.