Honda компанияси АҚШда 2 литрли бензинли двигатель билан жиҳозланган янги авлоддаги Civic моделининг сотилишини двигателда носозлик мавжуд бўлишидан хавфсираб тўхтатди. Сотилган автомобиллар ортга чақиртириб олинади ва нуқсонлар борлигига текширилади. Бу ҳақда Autoblog нашри компания вакили Крис Мартинга иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Мартин 5 февралда машиналар ортга қайтариб олиниши бошланиши эълон қилиниши ва барча тафсилотлар берилишини ҳамда 1,5 литрли машиналар бу акцияга тушмаслигини маълум қилди.

CivicX форуми фойдаланувчилари ихтиёрига тушган "Хонда"нинг расмий ҳужжатида айтилишича, 2 литрли двигателларда поршень бармоқларининг пружинали стопор ҳалқалари нотўғри ўрнатилган, бунинг оқибатида двигатель жиддий шикаст олиши мумкин. Тахминларча, 2016 модель йилидаги 34 мингтага яқин Honda Civic таъмирлашга жўнатилади.

Айни вақтда дилерлар моторларни таъмирлаш учун зарур деталларни ҳали олишмаган. Компания вакиллари сервис ишлари мартда бошланишини кутмоқдалар.

Янги авлоддаги Honda Civic седани 2015 йил сентябрида намойиш қилинганди. Модель 160 от кучига эга 2 литрли атмосферали ва 175 от кучига эга 1,5 литрли турбирланган двигатель билан таклиф қилинади. АҚШда Civic оиласи седан, купе, беш эшикли хэтчбек ва Type R хот-хэтчидан иборат.