2016 йилда Ўзбекистондан 5200 киши ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига боради

Жамият 05 Февраль 2016 3769

4 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Ҳаж вазири Бандар Ҳажжор билан учрашди. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар берган.

Учрашувда ўтган йилги ҳаж мавсуми натижалари ва келаси ҳаж мавсумидаги ўзаро вазифалар белгилаб олинди.

Доктор Бандар Ҳажжор Ўзбекистон ҳожиларига сафар олдидан ватанларида ҳаж ибодатлари ва ташкилий масалалар бўйича машғулотлар ўтилиши, гуруҳ раҳбарлари, ишчи гуруҳи ва тиббиёт ходимлари ҳаж мавсумини чиройли ўтишига сабаб бўлаётганини билдирди. Бунинг учун Ўзбекистон делегациясига ташаккур изҳор қилди. Доктор Бандар Ҳажжор ўзбекистонлик ҳожиларнинг ер юзидан келадиган ҳожилар ичида намунали зиёратчилардан эканлигини таъкидлади.

Келаси ҳаж мавсумига томонлар Ўзбекистон ҳожиларига кўрсатиладиган хизматларни бунданда чиройли ва намунали бўлишига кўриладиган чораларни белгилаб олишди.

Ўзбекистон томонидан учрашувда шунингдек, Ҳаж ва умра ишлари бўйича атташе Зафар Абдуллаев хамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Саудия Арабистонидаги вакили Мухтор Ҳайитов иштирок этди.

Саудия томонидан учрашувда Ҳаж вазирлиги бошқарма бошлиқлари, Ташқи ва ички ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этишди.

Келаси мавсумда Ўзбекистондан 5200 киши ҳаж ибодатини адо этишларига келишиб олинди.

Кўпроқ янгиликлар