Франция супермаркетларга овқатларни ташлаб юборишни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат бўлди, дея хабар бермоқда iTele телеканали.

Хабарларга кўра, француз сенати бир овоздан ушбу тартибни кўзда тутган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. 5 февралдан бошлаб яқин орада яроқлилик муддати ўтиб кетадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юбориш тақиқланади. Бунинг ўрнига улар эҳтиёжмандларга таом улашадиган инсонпарварлик ташкилотларига топширилади.

Қонунда озиқ-овқат маҳсулотларини йўқ қилишга ҳаракат қилган супермаркетлар учун жазо чоралари ҳам келтириб ўтилган. Кўплаб дўконлар эса омборхоналар атрофида йиғилиб, уларнинг ташланишини кутадиган ишсиз ва уйсизларга бермаслик мақсадида маҳсулотларни онгли равишда йўқ қилиб келаётган эди.

Мазкур қонуннинг қабул қилинишига эришган фаоллар худди шундай чоралар Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида ҳам жорий этилишига умид билдиришмоқда.