Британиялик Тайсон Фьюри ва украиналик Владимир Кличко ҳозирча реванш жангини ўтказиш бўйича якуний қарорга келишгани йўқ. Ўтган йили WBA, WBO ва IBO камарларини украиналик рақибидан тортиб олган Фьюрининг айтишича, бу жангни ўтказиш учун ноодатий таклиф берилган. Унга Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган ва исми ошкор этилмаган миллиардер шайх номида бу реваншни шайхнинг 120 киши сиғадиган яхтасида ўтказиш таклифи билан чиқишган. Бу таклифда жанг ОАВ ҳамда телевидение назаридан четта қолиши шарти қўйилган.

"Бизда жангни журналистлар таклиф этилмаган лайнерда, турли томонлардан келган 120 нафар миллиардер гувоҳлигида ўтказиш таклиф этилди. Бу ўзига хос жозибали ғоя бўлди, аммо мен ўйлайманки, бу ғоя ўринсиз билдирилди.

Бизнинг жангимизни бир ҳовуч кишилар эмас, бутун дунё кўриши керак. Бу миллиардерлар жанг учун ҳар бири 1 миллион доллардан тўлашга тайёр ва улра ўта худбинлик билан таклиф беришган. Биз мухлислар учун жанг қиламиз, бир тўда бойваччалар учун эмас", дейди боксчи Sky Sports нашрига.

"Владимир билан иккинчи жангим бўлиши куни ҳали аниқ белгиланмаган, музокаралар давом этади. У менинг титуллар йўлидаги рақибим эди ва мен уни йўлдан олиб ташладим. Яна бир бор бу ишни қилишга тайёрман. Мен билан кўп кучли боксчилар жанг қилишни орзу қилишади. Масалан, Деонтей Уайлдер. Тўғри, у менга етиб келиш учун аввал Поветкинни енгиши талаб этилади. Бу эса осон иш эмас. Аммо умид қиламанки, у билан ҳам бир куни рингда тўқнашамиз", дея қўшимча қилган Фьюри.

Бундан олдинроқ, Фьюри ва Кличко ўртасида реванш жанги 2016 йилнинг 7 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.