Google компаниясининг қидирув тизими бўйича вице-президенти, компанияга 2000 йилда келган Амит Сингхал компаниядан кетишини эълон қилди. "Бу зўр сафар бўлди! @google’даги ажойиб 15 йил. Энди кейинги қадамни ташлаш вақти келди", деб айтди Google фахрийси.

"Мен компанияда ишимни бошлаганимда бундай қисқа 15 йиллик муддат ичида биз тугмачага босиб, Google’дан исталган нарса ҳақида сўраб, жавоб олишимизни ким ҳам тасаввур қилган бўлиши мумкин", деб ёзди Сингхал Google+ ижтимоий тармоғида. Унинг айтишича, у хайрия ишларига кўпроқ вақт ажратмоқчи.

Сингхал 1968 йилда Ҳиндистоннинг Жханси шаҳрида дунёга келган, 1989 йилда Ҳиндистон технология институтида техника фанлари бакалаври таълим даражасини олган. Дастурчи ўз ўқишини АҚШда давом эттириб, 1996 йилда Корнелл университетини тамомлаган. Сингхал Google’га 2000 йилда келган ва бир йилдан кейиноқ интернет-қидирув тизимининг мартабалаш (ранжирование) алгоритмларини тубдан қайта ўзгартиришга муваффақ бўлган ҳамда бунинг учун компания энг қимматли ва истеъдодли муҳандисларга берадиган Google Fellow унвони билан тақдирланган.

Сингхалнинг лавозимини компаниядаги сунъий онг бўйича бош мутахассис Жон Жаннандреа эгаллайди. Metaweb Technologies ҳамтаъсисчиси бўлган ва Google’га 2006 йилда унинг компанияси қўшилиб олингандан кейин келган Жаннандреа Smart Reply тизимига (Gmail’да автоматик тарзда жавоблар ёзувчи почта хизмати) ҳамда RankBrain ўзи ўрганувчи қидирув алгоритмининг ишлаб чиқилишига бошчилик қилган.