Хабарингиз бор, кеча, 4 февраль куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Юртбошимиз кўпгина соҳа ва тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслигини танқид қилар экан, бунинг тасдиғи сифатида Тошкент вилоятида етиштирилаётган мева-сабзавотнинг фақатгина 24 фоизи, гўштнинг 27 фоизи, сутнинг эса 20 фоизи қайта ишланаётганини мисол қилиб ўтди.

“Энг ачинарлиси, мева-сабзавот маҳсулотларининг 46 фоизи, гўшт маҳсулотларининг 39 фоизи, сут маҳсулотларининг 18 фоизи бирламчи қайта ишлаш даражасида сотилаётгани туфайли катта миқдорда қўшимча даромад олиш имкониятини бой бермоқдамиз, - деди Ислом Каримов. - Ҳолбуки, ярим фабрикат ҳолида сотиладиган мана шу маҳсулотларни қўшимча қайта ишлаш ҳисобидан оладиган даромадларимизни 2-3 карра кўпайтириш имконияти мавжуд.

Бунинг учун нима керак? Аввало, тараққий топган давлатлардан энг замонавий технологияларни олиб келиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, чиқараётган тайёр маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатдошлигини ошириш керак. Буларнинг барчаси бугунги кунда энг муҳим ва долзарб вазифаларимиз қаторидан ўрин олиши зарур”.

Мажлисда бу масала бўйича қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

“Такрор айтишга тўғри келади: айни мана шундай катта имкониятларни ишга солиш, экспортни, валюта ҳажмини кўпайтириш, бунинг учун биринчи навбатда ташаббус ва яна бир бор ташаббус кўрсатишимиз, тадбиркорлик ва изланувчанлик билан яшашимиз шарт, деди Юртбошимиз. Бу масала аввало барча раҳбар ва мутасаддиларга дахлдор эканини яхши англаб олишимиз даркор.

Чиндан ҳам, бугунги кунда жаҳон бозорларида рақобат тобора кучайиб, шафқатсиз тус олаётган бир пайтда фақат ғалла ва пахта ҳисобидан ривожланиб бўлмайди ва бундай калтабинлик билан, узоқни кўрмасдан яшашга бизнинг мутлақо ҳаққимиз йўқ.

Фақат хомашё ишлаб чиқариш ва уни бозорда сувтекин нархда бошқаларга сотиш билан юрадиган бўлсак, ўзгалар эса бу хомашёни қайта ишлаш ҳисобидан унинг ёғини, қаймоғини оладиган бўлса, бундай йўл фақатгина мустамлакага айланган давлатларнинг қисмати бўлганини яхши биламиз.

Биз ҳам бир вақтлар шундай тақдирни бошимиздан кечирганимиз, фақат пахта хомашёси етиштиришни, яъни, энг оғир меҳнатни бизнинг бўйнимизга юклаб, пахтадан олинадиган тайёр маҳсулотнинг фойдасини эса бошқалар кўрганини эсингизга солишни ўринли, деб биламан, деди Ислом Каримов.

Эски тузумдан қолган бундай оғир муаммоларни ҳал қилишнинг йўли битта: “олма пиш, оғзимга туш” деган қарашлардан бутунлай воз кечишимиз зарур. Буни замоннинг ўзи бугун бизга уқтиряпти. Содда қилиб айтганда, дунёқарашимизни, ишга, ҳаётга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистонимизни дунёдаги ривожланган, эркин ва фаровон яшаётган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун барча имкониятларга эгамиз. Юртимиз қандай ранг-баранг бойликларга эга бўлса – бу минерал хомашёлар бўладими, табиий ресурслар бўладими, иқтисодий ва инсоний салоҳият бўладими – буларнинг ҳаммаси Тошкент вилоятида мужассам эканини яққол кўриш мумкин. Бу замин шундай бебаҳо бойликларга эгаки, баъзан ўзимиз ҳам бунинг қадрига етмай қоляпмиз, десак, бу ҳам ҳақиқатдан узоқ гап эмас, деди Президентимиз.