Россиянинг Тула арматура-изолятор заводи “Ангрен” эркин саноат зонаси ҳудудида электр ускуналар ишлаб чиқариш заводини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго”акциядорлик жамияти маъумотларига таяниб Gazeta.uz хабар бермоқда.

“Ўзбекэнерго” АЖ ва Россия компанияси ўртасида 28 октябрь куни бўлиб ўтган IX Халқаро саноат ярмаркаси чоғида Ангренда изоляторлар ва арматура ишлаб чиқарувчи “Арматура-изолятор заводи” МЧЖ қўшма корхонасини очиш тўғрисидаги шартнома имзоланган эди.

Мазкур корхона йилига 21 мингта изолятор ва 255 минг дона ўтказгич арматура ишлаб чиқариш қувватига эга.

2016-2020 йилларда Тошкент вилоятидаги “Ангрен” эркин саноат зонасида 2 млрд долларлик хорижий инвестициялар асосида 52 турдаги ишлаб чиқаришни режалаштирилмоқда. Улар орасида энг йирик лойиҳа углеводородларни чуқур қайта ишлаш асосида ташкил қилинадиган полимер ишлаб чиқариш бўлади. 700 млн долларлик лойиҳада “Ўзбекнефтгаз” МХК ҳам иштирок этади.