4 февраль куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент вилоятдаги мавжуд 14 та туманнинг 7 тасида маҳаллий бюджет харажатлари субвенция, яъни, берилаётган молиявий ёрдам ҳисобидан қопланаётганига эътибор қаратилди. “Қўпол бўлса ҳам айтишга мажбурмиз – бундай кайфиятлар тобора сурункали тус олиб, боқимандаликка айланиб бораётганига қачонгача чидаш мумкин, деб сўрашнинг вақти келмадими”, - деди унда иштирок этган мамлакатимиз президенти Ислом Каримов.

“Мисол учун, Бекобод туманида маҳаллий бюджет умумий харажатларининг 44,1 фоизи, Қуйичирчиқ туманида 43,2 фоизи, Оққўрғон туманида 42,2 фоизи, Бўка туманида 42,1 фоизи дотация ҳисобидан қопланаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, Чиноз туманларида саноат ривожига, янги иш ўринларини яратиш масаласига бепарволик билан қаралаётгани ва бу туманларнинг вилоят саноатидаги улуши 1 фоиздан ҳам паст бўлиб қолаётганини изоҳлашнинг ўзи қийин”, - деди Юртбошимиз.