4 февраль куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясида раис Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раҳбарлигида мажлис бўлиб ўтди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати аъзоси Аҳмаджон Усмоновнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати ваколати тугатилганлиги муносабати билан унинг сенаторлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Тошкент вилояти ҳокимлигида Вилоят халқ депутатларининг навбатдан ташқари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Унинг ўрнига шу вақтгача Зангиота туманида ҳоким сифатида ишлаб келган Содиқ Абдуллаев янги ҳоким этиб тайинланди.