Россия Суриядаги ҳаракатларига берилаётган эътиборни сусайтиришга уринмоқда, деб хабар бермоқда Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу атрофидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.

Манба шу тариқа Россия мудофаа вазирлигининг Туркия Сурияга ҳарбий тажовуз қилиши эҳтимоли ҳақидаги баёнотига изоҳ берди.

Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков Туркия-Сурия чегарасида юз бераётган воқеалар Туркиянинг Сурияга бостириб киришга жадаллик билан тайёрланаётганидан дарак беришини айтганди.

Конашенков Россия Мудофаа вазирлиги халқаро ҳамжамиятга турк ўзиюрар артиллерия қурилмалари Суриянинг Латақия вилоятидаги аҳоли пунктларини ўққа тутаётганини исботловчи видеоёзувларни тақдим қилганини таъкидлаб ўтганди.