«Ведомости»: Россия ҳукумати пальма ёғи, чипс ва газли ичимликларга акциз солиғи киритишни муҳокама қилмоқда

Жаҳон 05 Февраль 2016 1394

Россия ҳукуматида федерал бюджет даромадларини ошириш мақсадида акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш мўлжалланмоқда, деб ёзмоқда "Ведомости" нашри. 18 январда Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳузурида бўлган йиғилишда тегишли вазифа берилганди.

Молия-иқтисодиёт блокидаги манбалар пальма ёғи, газланган ичимлик, чипслар ва электрон сигаретларга акциз солиғи киритиш муҳокама қилинаётганини маълум қилдилар. Таъкидланишича, рўйхатни кенгайтириш фикри Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланган. Амалдорларнинг бирининг айтишича, рўйхатга катта миқдорда ёғ ва шакар сақловчи маҳсулотлар киритилиши мумкин.

Маълум қилинишича, Молия вазирлигида бир неча кун ичида бу борада таклифлар ва ҳисоб-китоблар тақдим қилиниши режалаштирилмоқда. Молия вазирлигида "зарарли" маҳсулотларга солиқ киритилиши оқилоналиги таъкидланмоқда.

"Биз шунингдек катта миқдорда шакар ва кимёвий қўшимчалар сақловчи ичимликларга солиқ солиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. Бундай чоралар ЖССТ томонидан меъёридан ортиқ шакар истеъмол қилиш ва бу билан боғлиқ касалликларга қарши курашиш чораларидан бири сифатида тавсия қилинган", деб айтди молия вазирлиги вакили.

Амалдорнинг айтишича, пальма ёғига акциз солиғи "аниқ киритилади" ҳамда эҳтимол ёз ўрталаридан бу солиқ бир тонна пальма ёғига 200 долларни ташкил қилиши мумкин.

Россия қишлоқ хўжалигида бу таклиф ҳали олинмагани маълум қилинди.

Кўпроқ янгиликлар