Хитой суриялик қочқинларга кўмак кўрсатиш учун 10 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ажратади. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазири Ван И Сурия бўйича донор-мамлакатлар конференциясидаги маърузасида эълон қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

“Хитой томони суриялик қочқинлардаги озиқ-овқат етишмовчилиги масаласини ечишда кўмаклашиш мақсадида 10 минг тонна маҳсулотни хайрия сифатида тақдим этади”, - деди у.

“Суриядаги гуманитар масалаларни ечими сифатида нафақат фавқулодда ёрдам кўрсатиш, балки уларнинг туб илдизларини бартараф этиш назарда тутилмоқда”, - дея қайд этди вазир. Унинг сўзларига кўра, Суриядаги турли томонлар БМТ резолюциясидаги вазифаларни бажаришлари, эҳтиёжмандларга гуманитар ёрдамдан фойдаланишларини таъминлаш ва инсонпарварлик юкларининг тезда етиб боришига йўл қўйишлари лозим.

Ван И бу борада халқаро ҳамжамият вазифасини тилга олар экан, Сурия можаросининг сиёсий йўл билан ҳал этилиши бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди. “Тинч музокараларнинг қайта йўлга қўйилиши – Сурияда сиёсий жараёнларнинг ҳал қилувчи қисмидир”, - деди хитойлик вазир.

Сурия бўйича донор-мамлакатлар конференцияси иштирокчилари инсонпарварлик эҳтиёжлари ва Суриядаги қуролли можаролар оқибатларини бартараф этиш учун умумий 10,7 миллиард доллар ажратилишига келишиб олишди. Хусусан, Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Яқин Шарқ минтақасида гуманитар амалиётлар ўтказилиши учун 2016 йилда 5,6 миллиард, 2017-2020 йиллар давомида эса яна 5,1 миллиард доллар йўналтирилишини айтиб ўтди.