Apple компанияси ишлатилган iPhone’ларни янгисига алмаштириб бериш дастурини кенгайтирди. Харидорлар дисплейи синган, камераси ишдан чиққан ёки тугмалари тушиб қолган смартфонни дўконга топшириб, унинг ўрнига янги смартфонни маълум ҳақ тўлаб олишлари мумкин бўлади.

Apple Store Reuse ва Recycle iPhone дастурлари бир неча йилдан бери амал қилади, бироқ аввал бу дастурларда синган "айфонларни" алмаштириб бериш хизмати бўлмаган. Янги хизмат барча учун фойдали бўлади: у фойдаланувчиларни эски моделларни таъмирлашга пул сарфлаб ўтирмай, янги моделларга ўтишга, Apple’ни эса кўпроқ қурилмалар сотишга рағбатлантиради.

9to5mac сайтида маълум қилинишича, компания 5S моделини 50 долларга, 6S моделини 200 доллар ва 6S Plus моделини 250 долларга баҳоламоқда. Бунда шундай омиллар: дарзлар ва бошқа шикастлар мажудлиги, чизилгани, устига суюқлик оққани, экран, тугма ва бошқа элементлар сифати ҳисобга олинади. Жуда эски "айфонлар" алмаштирилмайди.

Бундан ташқари, Apple Store’нинг баъзи дўконларида харидорларга iPhone экрани учун Belkin пластик ҳимоя қопқоғини ўрнатиш хизмати таклиф қилина бошланади.