АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва унинг турмуш ўртоғи, собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон 2001 йилдан буён пулли чиқишлар, хусусан, Американинг йирик корпорация ва банклари вакиллари учун маърузалари ҳисобидан 153 миллион доллардан зиёдроқ маблағ жамғаришди. Бу ҳақда CNN телекомпанияси маълум қилди.

Унинг ҳисоблари 2015 йилнинг баҳоридан, яъни собиқ давлат котиби Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзодини қўйиши ҳақида эълон қилганидан сўнг тўхтаган.

14 йил давомида Клинтонлар жами 729 маротаба чиқиш қилган ва ҳар бир маъруза учун ўртача 210,8 минг доллардан тўланган. CNN маълумотларига кўра, эр-хотинлар Goldman Sachs ва UBS банклари ходимлари олдида 39 маротаба чиқиш қилиши учун 7,7 миллион доллар гонорар олишган. Жумладан, Ҳиллари Клинтон саккиз марта шундай маъруза орқали 1,8 миллион доллар ишлаган.