Анъанага содиқ қолган ҳолда, юртимиз бўйлаб ХV аср жаҳон маънавиятининг буюк вакили, ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17 куни, яъни 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилган Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносиб нишонланмоқда.

Элликқалъа тумани ҳокимлиги, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида барча таълим муассасаларда, жумладан, Элликқалъа тиббиёт коллежи, Бўстон академик лицейи ва 2, 4- сон давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида ҳам бу улуғ зотга бағишлаб “Маънавият гулшанининг адабий султони” мавзусида байрам кечалари бўлиб ўтди.

Миллий адабиётимизнинг йирик намоёндаси, миллатимиз ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум этган Алишер Навоий ижодини, у қолдирган бой адабий меросни ўқиб-ўрганиш, ёшлар қалбига теран сингдириб бориш мақсадида ташкил этилган тадбирларда шоир асарларининг мазмун-моҳияти, бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Улуғ шоирнинг, қолаверса ўтмишда ўтган кўплаб буюк зотларнинг меъроси бугунги кунда чуқур эътибор билан ўрганилаётгани бежиз эмас. Президентимиз Ислом Каримов асарлари, нутқ ва суҳбатларида бобокалонларимиз яратган мероснинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида қайта-қайта таъкидланмоқда. Ёш авлодни камол топтиришда уларнинг ўрни алоҳида эканлиги такидланмоқда.

Бу жиҳатдан ҳазрат Навоийнинг, у кишидан бизгача етиб келган улкан адабий ёдгорликларнинг ҳам салмоғи юксакдир. Халқимиз мустақилликга эришгандан сўнг буюк шоирга яна ҳам бўлакча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Алишер Навоий нафақат туркий ҳалқларининг балки ўзбек ҳалқининг ҳақиқий дилбанди. Шу сабабли ҳам мана неча йиллардан буён улуғ зотнинг таваллуд куни юртимизда кенг тантана қилиб келинмоқда.

Байрам кечасида Навоий ҳаёти ва ижодига назар ташланиб, ғазаллари, байтлари ва достонлари ўқувчилар тамонидан ижро қилинди.

Навоий ғазаллари билан куйланган қўшиқлар кечага янада завқ бағишлади.
Ж.Балтаев, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси