Эквадор ҳукумати Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қўриқлаш хизматининг ҳаракатларига қарши норозилик нотасини тайёрламоқда.

Ҳозирда Эквадорда бўлган Эрдўғаннинг қўриқлаш хизмати Туркия президенти сафарда бўлган мамлакат фуқароларига ҳурматсизлик ва қўполлик қилганликда айбланмоқда.

Воқеа Туркия ва Эквадор вакиллари иштирокида ўтаётган анжуманда юз берди. Эрдўған бу ерга стратегик аҳамиятдаги иқтисодий келишувларни имзолагани келганди. Эквадорлик намойишчилар анжуман ўтаётган залга кириб, Эрдўғаннинг нутқини унинг истеъфога чиқиши талаб қилинган шиорлар билан бўлишди.

Туркия президенти тансоқчилари андиша қилиб ўтирмай, кўпол тарзда аввал намойишчиларни залдан итариб чиқарди, кейин эса ташқарида дўппослади ҳамда кўчага итариб чиқариб ташлади. Таъкидланишича, намойишчиларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этган. Тансоқчилар ўз ҳамюртларини олдини олмоқчи бўлган Эквадор қонунчилик органи депутатларини ҳам аяб ўтиришмади.  

"Мен Туркия элчихонасига Эрдўған тансоқчиларининг ҳаракатларидан норозилигимни билдириш учун телефон қилдим. Улар одамларга қарши ўзини оқлаб бўлмайдиган қаттиққўллик қилишди, улар буни қилишлари керак эмасди. Хавфсизликка ҳеч нарса раҳна солмаётганди. Биз турк томони айбдорларни жазолашини истамоқдамиз ва Эквадорда ҳар бир одам ўз фикрини эркин билдириши ва бунинг учун дўппосланмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз", деб айтди маҳаллий журналистларга Эквадор ташқи ишлар вазири Рикар Потиньо.