LG компанияси ўзининг флагман смартфонини асосий рақиби қурилмалари билан юзма-юз учраштиришга қарор қилди. Компания янги смартфони LG G5’ни 21 февралда Барселонада бошланадиган Бутунжаҳон мобиль конгрессида намойиш қиладиган бўлди. Айнан шу куни Samsung Galaxy S7 смартфони ҳам намойиш қилиниши белгиланган.      

Охирги гапларга қараганда, LG G5 2015 йилнинг охирида чиққан LG V10 фаблетининг баъзи жиҳатларини олади. Гап блокдан чиқариш тугмасидаги бармоқ изини аниқловчи датчик ва ёрдамчи дисплей ҳақида кетмоқда. Гапларга қараганда, яна қандайдир "сеҳрли слот" бўлиб, унга смартфоннинг функционналлигини оширувчи қўшимча модулларни улаш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, металл корпус билан тўлиқ қопланган қурилма иккита ёнма-ён жойлашган камерадан иборат орқа камера билан жиҳозланади. LG’да процессор сифатида энг янги, Adreno 530 график процессорига эга 4 ядроли Snapdragon 820 процессори ишлатилади.