Туркия элчиси мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон қўриқчиларининг унинг Эквадорга ташрифи чоғида намойиш ўтказганларга қарши куч ишлатгани муносабати билан мазкур Лотин Америкаси ташқи сиёсат маҳкамасига чақирилди. Бу ҳақда Эквадор президенти Рафаэл Корреа маълум қилди.

Корреанинг таъкидлашича, намойиш ўтказганлар Эквадорни “ёмон томондан кўрсатиб қўйган бўлса ҳам”, Эрдўғон соқчилари бошқа мамлакат ҳудудида ўзларини бундай тутмасликлари лозим эди.

Шу билан биргаликда, президент норозилик акцияси қатнашчиларини ҳам танқид қилиб ўтди. “Эрдўғон ҳақида ким нимани ўйласа ўйлайверсин, аммо у суверен давлат вакили бўлгани учун унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак”, - деди Корреа.

Унинг таъкидлашича, мазкур вазият “жиддий сиёсий можаро”ни келтириб чиқарди, дея хабар бермоқда El Comercio.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 4 февраль куни Эквадор пойтахти Китога икки кунлик расмий ташриф билан борган эди. 5 февраль куни у курдларнинг тарафдорлари томонидан ташкиллаштирилган норозилик акцияси билан кутиб олинди.

Туркия президенти тансоқчилари андиша қилиб ўтирмай, қўпол тарзда аввал намойишчиларни залдан итариб чиқарди, кейин эса ташқарида дўппослаб, кўчага чиқариб ташлади. Таъкидланишича, намойишчиларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этган. Тансоқчилар ўз ҳамюртларининг олдини олмоқчи бўлган Эквадор қонунчилик органи депутатларини ҳам аяб ўтиришмади.