Кинотеатр директори “Барон”ни кўргани келган томошабинларнинг совуқда кўчада қолганига изоҳ берди

Маданият 07 Февраль 2016 16223

“Барон” фильмини кўриш учун Алишер Навоий номидаги кинотеатрга борган айрим томошабинлар ижтимоий тармоқлар орқали кескин эътирозларини билдиришди.

Интернетда пайдо бўлган “Панорамадаги шармандалик” сарлавҳали мақолада таъкидланишича, одамлар кўплигидан томошабинларнинг бир қисми кўчада қолиб кетган, кинотеатр ходимлари эшикларни ёпиб қўйган ва совуқда кутишга мажбур бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан кинотеатр директори Баҳром Утанов “Даракчи” мухбирининг саволларига жавоб берди.

“Кинотеатримизда ўнта кинозал ишлаяпти. Ўша куни кечки сеансда барча кинозаллар лиқ тўла бўлгани боис кўча эшикни ёпишга мажбур бўлдик. Чунки кассада чипта қолмаганди. Бу ҳақда кўчада турган томошабинга маълум ҳам қилганмиз”, - таъкидлади у.

“Бундай ҳолатлар бўлиши мумкин, - сўзида давом этди мутасадди, ҳатто чиптаси бор томошабинлар ҳам кўчада қолиб кетгани билан боғлиқ саволга жавоб бераркан. – Лекин кейин бизга мурожаат қилишганида чипта пулини қайтариб берганмиз. Агар ўша кунги талотўпда кинога киролмаган томошабинлар бўлса, менга мурожаат қилишсин, чипта пулини қайтариб, бонус сифатида бепул фильм кўришга таклиф қиламан. Томошабиннинг бирорта фикри эътиборсиз қолмайди. Чунки бу давлат ташкилоти ва биз уларга қулай шароит яратиш учун ишлаймиз”.

“Демак, назоратчиларга сиз томонингиздан одамларни ичкарига киргизмаслик ҳақида буйруқ бўлган-а?” деган саволга Утанов “Ҳа!” деб жавоб берди.

“Бунинг ягона сабаби томоша залига кираётган томошабин тартибсизликдан ноқулайликка дуч келмаслиги, жамоат тартибини сақлаш эди, - таъкидлади у. – Ҳатто томоша зали эшиклари олдида назоратчилардан жонли девор қилишга ҳам тўғри келди. Улар ичкарида аввалга сеанс тугамай туриб, томоша залига киришмоқчи эди. Хавфсизликни таъминлаш, хушмуомалалик билан вазиятни тушунтириш – бизнинг бурчимиз”.

Панорамадаги шармандалик

Кўпроқ янгиликлар