Смартфон ёки ноутбукингиз қизиб кетса, тушунасизки, у жуда кўп маълумотни юкламоқда. Энди тасаввур қилинг, Microsoft'нинг бир нечта серверларидан ташкил топган Data Center — «маълумотлар маркази» ўзидан қандай катта иссиқлик миқдорини чиқаради.

Ҳаддан зиёд қизиб кетиши эса уларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлади. Шу боис «маълумотлар маркази» ҳар доим совутилган ҳолда сақланиши зарур. Бу эса нафақат Microsoft'нинг, балки Google ёки Facebook каби компаниялар учун ҳам катта муаммо. Улар «маълумотлар марказлари»ни совуқроқ давлатларда сақлайди.

Microsoft'нинг серверларни сув остида сақлаш учун мўлжалланган Project Natick лойиҳаси эса муваффақиятли кечмоқда. Лойиҳа 2013 йилда ташкил қилинган, махсус «маълумотлар маркази»ни қуриш эса 2014 йилнинг августида бошланган.

Лойиҳанинг илк маҳсулоти цилиндр шаклидаги, сув ўтказмас капсула бўлиб, унинг диаметри 2,5 метрни ташкил этади. У 105 кун давомида Калифорния қирғоқларида синовдан ўтказилган ва маълум қилинишича, натижалар кутилганидан ҳам яхши.

Microsoft берган маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг ярми океандан 200 километр узоқликкача бўлган масофада истиқомат қилади. Агар серверлар сув остида сақланса, одамларнинг интернетдан фойдаланиши тезлашади. Чунки маълумот жўнатиш ва қабул қилиш оралиғи қисқаради.

Шунингдек, ер устида «маълумотлар маркази» қуриш учун 2 йил сарфланади, сув остида сақланадиган капсулалардан ташкил топадиган бундай марказ эса 90 кунда қурилади.

Сув ости «маълумотлар марказлари» келажакда сув трубиналари ёрдамида ўз-ўзини электр энергияси билан таъминлаши ҳам кутилмоқда.