Буюк британиялик машҳур қўшиқчи Адель Халқаро граммаёзувлар федерацияси томонидан йилнинг энг омадли хонандаси деб топилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар тарқатди.

Ушбу йўналишда иккинчи ўринни британиялик бошқа бир хонанда Эду Ширану эгаллади. Учинчи ўринни, ўтган йилги ғолиб – америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт эгаллади.

Мазкур йиллик рейтингнинг асосий ўлчови хонандалар томонидан тақдим этилган аудио-дискларнинг энг кўп сотуви саналади.

Ўтган йилда Адель номи билан боғлиқ бир неча рекордлар қайд қилинганди. Жумладан унинг 22 октябрда чиқарган Hello таронаси 12 соат ўтиб, iTunes тармоғида бутун дунё бўйлаб 85 мамлакатда биринчи ўринга кўтарилиб олганди. Қўшиққа ишланган клип Youtube видеохостингида 87 кун ичида 1 миллиарддан ошиқроқ марта кўрилган.

Солиштириш ,учун аввалги рекорд соҳиби кореялик PSY Gangnam Style қўшиғи 1 млрд марта кўрилиши учун 158 кун вақт сарфлаганди. 

Шунингдек, хонанданинг 20 ноябрь куни тақдим этган «25» номли аудио альбоми бир ҳафта ичида Британиянинг ўзида 800 минг дона сотилган бўлса, худди шунча муддатда АҚШда унинг сотуви 2,8 млн нусхани ташкил қилганди. Ҳозирги кунгача АҚШда мазкур альбомнинг 8 млн нусхаси сотилгани айтилмоқда.