БМТнинг Суриядаги воқеаларни тергов қилиш бўйича мустақил комиссияси баёнотига кўра, Суриянинг амалдаги раҳбарияти, ИШИД ва "Жибҳад ан-Нусра" террорчилик гуруҳлари ҳамда аксилҳукумат гуруҳлари Сурияда ҳарбий жиноятлар ва инсониятга карши жиноятлар содир этганлар.

Чоп этилган ҳужжатда Сурияда 2011 йил 10 мартдан 2015 йил 30 ноябргача бўлган вазият таҳлил қилиб чиқилган. Маърузага 621 та интервью ва катта миқдордаги ҳужжатлар асос бўлган.

Маърузада Сурия ҳукумати "инсониятга қарши жиноятлар: одамларни йўқ қилиш, қотилликлар, зўравонлик, шунингдек, жинсий зўравонликнинг бошқа шакллари, қийноқлар, қамоққа маҳкум қилиш, зўравонлик билан йўқ қилиш ва бошқа шафқатсиз жиноятларни амалга оширган". Маъруза маълумотларига кўра, 10 минглаб одамлар Суриянинг расмий ҳукумати томонидан қамоқларда ушлаб турилибди.

"Жибҳад ан-Нусра" гуруҳи Идлибда изоляторлар яратган, комиссия маълумотларига кўра, гуруҳ бу ерда қамоқда ушлаб турилганда ўлган барча маҳбусларни қайд қилиб борган. Жангарилар ҳукумат қўшинларини асирга олгандан кейин уларни ўлдиргани ҳақида маълумотлар бор. Баъзи ноҳукумат гуруҳлари ва "Жибҳад ан-Нусра" қотиллик, шафқатсизларча муносабатда бўлиш ва қийноқлар кўринишидаги ҳарбий жиноятларни амалга оширган.

ИШИД қўлга олган одамларни жиддий зўравонликка дучор қилган, жумладан қийноқ ва оммавий қатллар қўллаган. Кўпинча ўлим ҳукмини норасмий судлар чиқарган.

Таъкидланишича, Сурия ҳукумати терговни ўтказиш учун комиссияга ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа ташкилотларга Сурия ҳудудига киришни мунтазам тақиқлаган. Ҳужжатда таъкидланишича, Сурия раҳбариятига бу қоидабузарликлар ҳақида маълум бўлган, бироқ ҳукумат бунга ҳеч қандай чора кўрмаган.