Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари навбатдаги ўқув-машғулот йиғини ҳамда анъанавий халқаро турнирда иштирок этиш учун Беларусь пойтахти Минск шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари дастлаб ўқув-машғулот йиғинида иштирок этади. Шундан сўнг, 18-19 февраль кунлари уч карра Олимпиада ўйинлари ғолиби Александр Медвед соврини учун ўтказиладиган анъанавий халқаро турнирда қатнашишади.

Жорий йилнинг 18-20 март кунлари Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида “Рио-2016” Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналадиган қитъавий саралаш мусобақаси ўтказилади. Беларусда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини айнан ушбу нуфузли мусобақа олдидан тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради.

Минск шаҳрига йўл олган терма жамоа таркиби: Нодиржон Сафаров, Аббос Раҳмонов (ҳар иккиси – 57 кг), Ихтиёр Наврўзов (-70 кг), Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг), Умид Исманов, Сослан Тигиев (ҳар иккиси – 86 кг), Ҳусанбой Раҳимов, Магомед Ибрагимов (ҳар иккиси – 97 кг), Ҳасанбой Раҳимов (-125 кг). Мураббийлар: Александр Недорезов, Арсен Шарашенидзе. Ҳакамлар бригадасидан Туймурод Адизов ўрин олган.

Маълумот учун, 2016 йилнинг 17-21 февраль кунлари Бангкок шаҳрида (Таиланд) эркин кураш бўйича Осиё чемпионати ўтказилади. Мазкур қитъа чемпионатида “Рио-2016” ўйинларининг лицензиялари ўйналмаганлиги боис терма жамоа мураббийлари Осиё чемпионатига иккинчи рақамли спортчиларни юборишга қарор қилган.