Германиянинг Кёльн шаҳридаги Авиация ва космонавтика маркази(“DLR”)да муқобил энергия манбалари бўйича Ўзбекистон салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Франкфуртдаги дипломатия миссияси ва “DLR” ҳамкорлигидаги ташкил этилган тадбирда “TSK FLAGSO”, “CPS Services GmbH” ҳамда “DCSP” сингари етакчи энергетика компаниялари раҳбарлари, Германиянинг илғор тадқиқот институтлари ва ЎзР ФА “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси делегацияси иштирок этди. Тақдимотда мамлакатимизнинг муқобил энергия борасидаги имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Анжуманда доирасида Ўз ФА, Дрезден техника университети ва Немис аэрокосмик марказининг Қуёш энергияси бўйича тадқиқотлар олиб бориш институти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қуёш энергияси бўйича биргаликда тадқиқотлар” лойиҳаси борасида ҳам ўзаро-фикр алмашилди.

Германиялик мутахассислар мамлакатимизнинг бу борадаги табиий ва техник имкониятларини юқори баҳолаб, келажакда ҳамкорликдаги лойиҳаларни янада ривожлантиришдан ҳар иккала томон ҳам бирдек манфаатли эканини таъкидлашди.

Маълумот учун: Авиация ва космонавтика марказида (“DLR”) – Германия космик, энергетика ва транспорт бўйича тадқиқотлар миллий маркази бўлиб, кенг доирадаги ички ҳамда халқаро тадқиқот лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этади. Марказнинг Германидаги 16 та институти ҳамда Брюссель, Париж, Вашингтон ва Токиодаги идораларида 8 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Ташкилотнинг 2014 йилдаги бюджети 871 миллион еврони ташкил этди.