«Лестер Сити» жамоаси Москванинг ЦСКА жамоасининг нигериялик ҳужумчиси Аҳмад Муса учун қизиқишда давом этмоқда. Mirror нашрининг ёзишича, инглизлар жамоаси қишки трансферлар вақтида уни ўз таркибига қўшиб ола олмаган бўлсада, уни трансфер қилиш бўйича келишувга эришишдан умид узмаяпти.

Январда "тулкилар" раҳбарияти Муса учун 20 млн евро таклиф қилганди. Уларнинг 25 млн евродан иборат иккинчи таклифи ҳам москваликлар томонидан рад этилди.

«Лестер Сити» ёзги трансферлар вақтида таркибни кучайтириш учун Мусани 30 млн евро эвазига харид қилишни режалаштиргани айтилган.

Қайд этиш керакки, бу жамоа айни вақтда АПЛнинг турнир жадвалида етакчилик қилмоқда ва мавсум якунида кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолса, кейинги мавсумда еврокубокларда иштирок этади.

Маълумотларга кўра, Мусанинг ўзи бошқа клубга ўтишга қарши эмас, фақатгина унинг шартномасида белгилаб қўйилган 30 млн евро тўланса у Англияда фаолиятини давом эттириши мумкин. 23 ёшли футболчининг ЦСКА билан келишуви 2019 йилга қадар мўлжалланган.

Қишки трансферлар вақтида унга «Саутҳэмптон» жамоасидан ҳам қизиқиш билдирилганди.