Мисрда автобус иштирокида юз берган йўл транспорт ҳодисаси натижасида 4 киши ҳалок бўлди ва 38 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Egypt Independent хабар тарқатган.

Портал маълумотига кўра, йўловчи автобуси Қоҳирадан жанубдаги Бени-Суэйф вилояти ҳудудидаги йўллардан бирида ағдарилиб кетган. Воқеа жойига 19та тез тиббий ёрдам машинаси етиб келган.

Ушбу ЙТҲ сабабларидан бири сифатида ҳайдовчининг туман қоплаган йўлда тезликни оширгани келтирилган.

Нашрнинг қайд этишича, Миср автоҳалокатлар энг кўп содир бўлувчи ва бундай ҳодисалар туфайли энг кўп одам ҳалок бўлувчи мамлакатлардан биридир.