7 февраль куни бир гуруҳ самарқандлик тадбиркорлар шаҳардаги “Саховат уйи” қариялар ва ногиронлар интернатига ташриф буюришди. Бу ерда истиқомат қилаётган қарияларнинг кўнгилларини сўрашди. Уларнинг яшаш шароитлари билан танишишди. Тушлик пайти қариялар учун палов дамланиб, дастурхон ёзилди.

Тадбир бу масканда яшаб ўтган кишиларнинг руҳларига бағишланган Қуръон тиловати билан бошланиб, ҳозирда бу ерда истиқомат қилаётганлар, уларга хизмат қилаётганларнинг ҳақларига дуолар қилинди.


“Саховат уйи” директори Толибжон Саидов шундай деди:

− Ҳозир “Саховат уйи”мизда 137 киши истиқомат қилмоқда. Барчаларига уйларидагидек шароит яратиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Шифокорларимиз муттасил равишда уларнинг саломатликларини назорат қилиб туришади. Ошпазларимиз уларнинг кўнгиллари тусаган таомларни пишириб беришади. Барча байрамларни, атоқли кунларни жам бўлиб нишонлаймиз. Бизнинг “Саховат уйи”мизга савобталаб инсонлар тез-тез ташриф буюриб туришади. Отахон, онахонлар учун байрамлар, зиёфатлар, концертлар уюштиришади. Ҳозир “Саховат уйи”мизда катта таъмирлаш ишлари бўлаяпти. Концерт ва томошалар учун ҳозиргидан анча катта бино қурилаяпти.

“Саховат уйи”даги отахон ва онахонлар саховатли меҳмонларга миннатдорчилик билдирдилар. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 93 ёшли Ҳоди Азизов узоқ дуо қилди:
− Бизни эъзозлаб келганларни Аллоҳ иззат қилсин! Бизлар учун сарф қилганларининг бирига юз қилиб берсин! Қалбларида бўлган барча эзгу тилакларига етказсин, муродлари ҳосил бўлсин! Булар каби савобталаб инсонлар кўпайсин! Биз бу инсонларнинг саховатидан кўнглимиз кўтарилиб, хурсанд бўлдик, Аллоҳ буларни икки дунёда хурсанд қилсин!

“Саховат уйи”га ташриф буюрган тадбиркорлар қариялар билан суҳбатлашиб, уларнинг нималарга эҳтиёжлари борлигини суриштириб олишди. Кейинги ҳафта улар сўраган нарсаларни, кимга телевизор, кимга радио, кимга иссиқ кийим, кимгадир эса китоблар олиб келишга қарор қилишди.