1994 йилда "Олтин тўп" ва "Олтин бутса" мукофотларини қўлга киритган, ўша йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган болгариялик собиқ футболчи Христо Стоичков бугун 50 ёшини нишонламоқда.

Стоичков 1966 йилнинг 8 февралида Болгариянинг катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Пловдив шаҳрида (пойтахт Софиядан кейинги - таҳририят) дунёга келган. У 10 ёшида "Марица" номли маҳаллий клубнинг болалар жамоасида ўйнай бошлаган. Стоичков бу жамоада 20 ёшигача қолган ва 1984 йилда "Хеброс" жамоасига, 1 йил ўтиб Софиянинг ЦСКА жамоасига ўтган.

Пойтахтликлар сафида Христо 6 мавсум ўтказган ва бу жамоа билан 3 марта Болгария чемпиони бўлиб, 4 марта мамлакат кубогига эга чиққан. 1990 йилда болгариялик бу футболчи чемпионатда 38та гол уриш орқали "Олтин бутса" мукофотини қўлга киритган. 1989-90 йиллар мавсумида у жамоаси билан Кубок эгалари кубоги ярим финалигача бориб "Барселона"га қарши 2 учрашувда мағлуб бўлган (2:4 ва 1:2). Бу ўйинларда Стоичков жамоасининг 3та голини ҳам ўзи урганди. Шу сабабли, кейинги мавсумда у каталонияликлар сафига ўтган. Уни Испания жамоаси 2 млн фунт стерлинг эвазига харид қилган.

"Кўк-анорранглилар" сафидаги 6 мавсум давомида Стоичков 4 марта Испания чемпиони бўлди ва Испания кубоги соҳибига айланди. Шунингдек, бу вақт давомида "Барселона" бир марта Европа Чемпионлари кубоги ҳамда бир марта Кубок эгалари кубоги соҳибига айланди. Олти мавсум давомида футболчи бу каталонияликлар учун 83та гол урган. 1994 йилда у "Олтин бутса" мукофоти билан тақдирланган.

1995-96 йиллар мавсумида Стоичков Италиянинг "Парма" жамоаси сафига ўтди. 1 йил ўтиб у яна Каталонияга қайтган.

1997 йилда болгариялик Саудия Арабистонининг "Ал-Наср" жамоасида, кейинроқ Япониянинг "Кашива Рейсол" (1998-1999 йй), АҚШдаги "Чикаго Файр" (2000-2002 йй) ҳамда "Ди Си Юнайтед" жамоаларида ўйнаган.

Стоичков 2003 йилнинг 1 декабрида футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилган.

У 1987 йилдан 1999 йилгача бўлган муддат давомида миллий терма жамоа учун 83 ўйин ўтказган ва 37та гол урган. Унинг терма жамоа сафидаги энг катта муваффақияти 1994 йилда АҚШ майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатига тўғри келади. Ўша йили Болгария термаси турнирнинг ярим финалига чиққан ва Стоичков 6та гол билан турнир тўпурарларидан бири бўлган.

2004 йилда Стоичков мураббийлик фаолиятини бошлади ва мамлакат терма жамоасини бошқарди. У терма жамоани 2006 йилги мундиалга ва 2008 йилги Европа чемпионатига олиб чиқа олмагач, 2007 йил охирида истеъфога чиқарилди. Кейинроқ у "Сельта" жамоасида ишлади. У фаолият кўрсатган клублар қаторида ЖАРнинг "Мамелоди Сандаунз" (2009-2010), Болгариянинг "Литекс" (2012-2013) ва ЦСКА (2013) жамоалари бор. У мураббийликда муваффақият қозона олмаган.