Россияда Туркия билан муносабатлар ёмонлашуви ва мамлакатдаги иқтисодий инқироз фонида турклар капитали билан фаолият кўрсатиб келган «Кредит Европа Банк» банки сотувга қўйилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берган.

Банк бозоридаги манбанинг сўзларига кўра, январь ойидан буён банк учун харидор изланмоқда. Бошқа бир манба маълумотига кўра эса, бу иш билан Morgan Stanley инвестбанки шуғулланмоқда.

Қайд этилишича, туркиялик тадбиркор Ҳусни Мустафо Ўзйегин назоратида бўлган бу банк Россияда 1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган. 2007 йилгача бу банк номи «Финансбанк» эди.

Morgan Stanley ва «Кредит Европа Банк» бу хабарларга расмий муносабат билдирмаган.

Январь ойи охирида Владимир Путин Туркияга қарши санкциялар кенгайтирилиши ҳақида гапириб ўтганди.

Ўз навбатида Россельхознадзор Туркиядан келадиган барча маҳсулотларга тақиқ қўйишга тайёрлигини билдирган.