Google бош директори Сундар Пичаи 199 млн доллар миқдоридаги йиллик бонус олди, дея хабар бермоқда Bloomberg.

Мазкур бонус тўғрисидаги қарор Google`га эгалик қилаётган Alphabet Inc. корпорацияси томонидан қабул қилинган. Бироқ Пичаи ушбу пуллардан дарҳол фойдалана олмайди. Бонус унга компания акциялари кўринишида (жами 273 мингта акция) тақдим этилган бўлиб, фақат 2019 йилда - топ-менежер Google`да ишлашни давом эттирсагина бойликка эга чиқиши мумкин бўлади.

Қайд этилишича, мазкур мукофот компания тарихида илк бор тақдим этилмоқда. Пичаи бонусга эга бўлган тақдирда, дунёдаги энг кўп маош оладиган топ-менежерга айланади.
Google`нинг молиявий биректори Рут Порат эса худди шундай шартлар билан 38,3 миллион доллар миқдоридаги бонусга эга бўлди.

Айни пайтда Alphabet Inc. капитализацияси 560 млрд доллардан ошган бўлиб, мазкур кўрсаткич билан дунёдаги энг қиммат Apple компаниясидан ўзиб кетиши мумкин.

Бундан аввалроқ эса Alphabet дунёнинг энг қиммат компаниялар рўйхатида биринчи ўринни қўлга киритиб, унга бир кунгина эгалик қилган эди. Google`ни ҳам ўз ичига олган Alphabet холдинги бир кечада 3 фоиз акциясини йўқотиб, биринчиликни Apple компаниясига қайтадан топширган эди. Бу вақтда эса Apple`нинг ҳолатида ўзгариш бўлмади.