General Motors концерни иккинчи авлод Chevrolet Volt моделида қўлланадиган гибрид куч қурилмаларини бошқа автомобилсозларга етказиб беришни йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақда концерннинг моторлар ишлаб чиқариш бўйича бўлими бош муҳандиси Дэн Николсонга таянган ҳолда Automotive News портали хабар бермоқда.

“Биз кириб келаётганимиз мураккаб даврда гибрид тизимлар ишлаб чиқариш бўйича энг яхши шерикка айланмоқчимиз”, – деди Николсон.

Тахмин қилинишича, Voltec агрегатидан фойдаланишга рухсат берилиши бошқа компанияларга мустақил ишланмалар олиб боришда миллиардлаб доллар тежаш имконини беради. General Motors’га эса бундай ҳамкорлик уни яратишга кетган харажатларни қоплаш имконини беради.

Янги Chevrolet Volt 2015 йил бошида Детройт автосалонида тақдим этилган эди. Седаннинг куч қурилмаси таркиби 149 от кучига эга электр мотори, 1.5 л ли 101 от кучига эга бензинли агрегат ва 18.4 кВТ/соат ҳажмли блоклардан иборат.

Машина 8.4 секундда 96 км/соат тезликка эришади, унинг максимал тезлиги эса соатига 160 км ни ташкил қилади. Аккумуляторлар захираси 80 км йўл босишга етади, умумий миқдорда эса седан 675 км гача йўл боса олади.