“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Жиззахлик 4 нафар аёлнинг фирибгарлик фаолияти фош этилди. Улар фуқаро Ў.Ўразалеванинг ўқишга кира олмаган фарзандини Жиззах давлат педагогика институтига қўшимча контракт асосида ўқишга киритиш ваъда қилишади ва бу хизмат учун ундан 3000 АҚШ долларини олишади. Бироқ ваъда бажарилмайди. Ў.Ўразалиевага эса берган пулининг фақат 1000 АҚШ долларинигина қайтариб беришади ва қолганини ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборишади.

Фуқаро Ю.Нуржанов ҳам уларнинг алдовига лаққа тушади. Жабрланувчининг ўқишга кира олмаган қизини танишлари орқали Тошкент педиатрия институтига қўшимча контракт асосида ўқишга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 5000 АҚШ доллари олишади. Аммо яна ваъда бажарилмайди. Жабрланувчининг 800 АҚШ доллари маблағини қайтариб беришади холос.

Шунингдек, мазкур шахслар ана шундай ваъдалар билан Ў.Босимовдан 4000 АҚШ доллари, Л.Рашидовадан 8200 АҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.

“Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан тегишли жазо тайинланди”, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.