Мавлуда Асалхўжаева ўз концерт дастурларини жонли ижрода ташкил этмаётганига сабаб қилиб мусиқачиларни айбдор қилди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда у синглиси Гули Асалхўжаева билан биргаликда концерт бериши кутилмоқда.

“Бекажон” газетаси мухбирининг “нима учун жонли ижрода концерт бермаяпсизлар?” деган саволига жавоб бераркан, Асалхўжаева бугунги чолғучиларнинг фонограммадагидай “нуқсонсиз” чала олмаслигини таъкидлаб ўтди.

“Менга қўйиб берса, мутлақо жонли ижрода ўтказардим, - тан олди у. – Авваллари жонли ижрочиларимизга жўр бўлган чолғувчиларнинг мусиқасини эшитсангиз, худди фонограмма каби нуқсонсиз эди. Афсуски, бугун ундай натижага эришолмаяпмиз. Сокин қўшиқларни куйлаганимизда жонли ижроингизни мухлислар қабул қилади, аммо шўх тароналарни айтаётганингизда қулоқларни қоматга келтирувчи шовқин қўшилиб кетади ва мухлисга бу эриш туюлади”.

“Бир-икки жойда шўх қўшиқларимни жонли мусиқа ҳамроҳлигида куйлаганимда, олдимга келиб: “Опа, фонограммани яхши ёзмабсиз-а”, деган вақтлар бўлди. Қаранг, мухлисларимиз, тингловчиларимиз қанчалик тиниқ эшитиладиган фонограммага ўрганиб қолишди. Мана шу омилни инобатга олган ҳолда, концертимизда мусиқа фонограммада қўйилса-да, овозимиз албатта жонли бўлишини режалаштиряпмиз”.