Швейцариянинг "Casale" компанияси "Навоийазот" АЖнинг азот кислотаси ишлаб чиқарувчи қувватларини модернизация қилади.

"Навоийазот" АЖ акциядорлари компанияга "Casale" компанияси билан 177 млн долларлик азот кислотаси ишлаб чиқаришини бошидан охиригача қуриб бериш бўйича йирик битимни тузишга рухсат бердилар.

Лойиҳа азот кислотаси агрегатларини янги энергетик ва технологик ускуналар негизида мажмуавий реконструкция қилишни кўзда тутади.

Реконструкция қилиш давомида концентрланмаган азот кислотасини ишлаб чиқариш қувватлари 1,4 баробарга, яъни йилига 500 минг тоннагача оширилади.

Лойиҳа "Навоийазот"нинг шахсий маблағлари, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди маблағлари, хорижий банклар кредитлари, пудратчи томонидан жалб қилинадиган кредитлар ҳисобига молиялаштирилади.

"Навоийазот" (собиқ Навоий кимё комбинати) 1964 йилда ишга туширилган ва азот ўғитлари, нитрон тола, органик синтез маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.