Европа комиссияси прогнозларига кўра, кейинги 2 йил ичида бу қитъага яна 3 млн муҳожир келади. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатган.

MigrationWatch томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 2015 йилда 1,8 млн ноқонуний муҳожир Европа чегараларини кесиб ўтган. Улардан 1,27 млн.га яқини бошпана сўраган. Миграция бўйича ўсиш 95 фоизни кўрсатган.

Қайд этилишича, Европага келаётганларнинг аксари суриялик қочқинлардир. Бу борада кейинги ўринларда Афғонистон ва Ироқ фуқаролари туради. Бундан ташқари, ҳарбий ҳаракатлар таъсирисиз, иқтисодий муаммолар туфайли иш излаб, Европага келган меҳнат муҳожирлари сони ҳам ўтган йилда ортган.

2016 йилнинг 6 ҳафтасида Европага денгиз орқали келган муҳожирлар сони ўтган йилнинг шу ҳолатига нисбатан 10 баравар ортган.

Қайд этилишича, Европага бу одамларнинг аксар қисми Туркия орқали ўтмоқда. Ўтган йили бу йўл орқали ҳаракатланганлар сони 1 миллионга яқинни ташкил этган.

Бундан олдинроқ, БМТ Туркияни Ҳалабдаги уруш туфайли ўз уйларини тарк этган минглаб сурияликларни қутқариш учун ўз чегараларини очишга чақирганди.