Ҳозирги пайтда Тошкентда 224 корхона йўналишсиз такси соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Шундан 5таси бевосита “Тошшаҳартранс хизмат” АК иштирокида ташкил этилган. Жами таксилар сони – 2901 та. Бу ҳақда мухбир ўз текширувида ёзган.

"Ҳамма қаергадир шошган, узоқдаги манзил сари ҳаллослаганча ошиқаётган... Бугуннинг кундалик манзараси шундай. Бироқ энди йўлни мўл юриш шарт эмас! Шаҳардаги энг тирбанд кўчанинг тўхташ тақиқланган ерида турган бўлсангиз ҳам, сизга хизмат кўрсатишга шай таксиларнинг турнақатори бир зумда бўй кўрсатади. Исталганига ўтириб йўлга отланасиз. Келишилган нархни тўлайсизу, эвазига ҳайдовчи сизни фавқулодда юқори тезликда манзилингизга элтиб қўяди. Йўл қоидалари-чи? Амал қилиш шарт эмас дегандай ҳайдовчи тирбанд кўчалардан йўл белгиларига мутлақ парво қилмаган ҳолда учиб боради. Мақсад битта – йўловчининг пулини олсаю тезроқ қутилса. Зеро,янги йўловчилар кутмоқда. Бу дегани мўмайгина даромад! Бироқ бир жиҳатни назардан четда қолдирибмиз, ҳайдовчи!

Бу жиҳат – Хавфсизлик!

Хўш, ўша сизни манзилга элтишга ошиқаётган машина эгасидан сўраб кўринг-чи, нима учун йўл қоидаларига амал қилмайди? Балки, ўша қоидаларни билмас? Шундай бўлса, нима учун машинасига бегона одамни ўтқазиб, унинг соғлиғи, манзилига бехатар етиб олишига кафил бўлади?!

Афсуски, бу ҳолат бугун шу қадар оммалашиб кетганки, аллақачон бунга парво ҳам қилмай қўйдик. Дарҳаҳиқат, оддий йўловчи машиналарнинг ноқонуний равишда киракашлик қилиши одатга айланди. Гўёки, одамларимизда «Машина бор, демак киракашлик қилсам бўлади» деган тасаввур шаклланиб қолгандай. Албатта, рўзғор тебратиш ҳар қанақа одамнинг турмуш ташвиши. Бироқ ҳар қандай касбни эгаллаш учун уқув, малака, маҳорат лозим эмасми?

Гап инсон ҳаёти, хавфсизлиги ҳақида кетаркан, албатта, масалага юзаки ёндашиб бўлмайди. Тегишли ҳужжатларсиз киракашлик қилаётганлар йўловчининг хавфсизлиги учун ҳеч қандай кафолат беролмайди. Қолаверса, техник ҳолати номаълум, ҳайдовчиси зарур уқувга эга бўлмаган автомашиналарда йўловчи ташиш ақлга сиғмайди. Мақсади чўнтакни қаппайтириш бўлган ҳайдовчиларимиз бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганимикан?Мамлакатимизда йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганидан хабардормикан?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Қарори (2011 йил 18 май, 139-сон)га асосан 2012 йилнинг 1 январидан шахсий автомашинасига эга фуқароларнинг лицензиясиз кира қилиши таъқиқланади. Бироқ 2015 йилнинг ўзида 6185 нафар ҳайдовчи тегишли ҳужжатларсиз киракашлик қилаётганида қўлга тушган. Ноқонуний таксистларнинг айтишича, уларнинг мақсади “халқнинг оғирини енгил қилиш”. Ҳа, лекин элга хизмат қонунга хиёнат орқали амалга ошириладими? Қолаверса, халқимиз хизматига яраб турган қонуний таксилар ҳам бор. Ҳозирги пайтда 224 корхона йўналишсиз такси соҳасида фаолият кўрсатяпти. Жами таксилар сони – 2901 та. Бу корхоналарда ҳайдовчилар махсус имтиҳонлардан ўтказилиб, уларнинг саломатлиги доимий равишда назорат қилиб турилади. Ҳеч қандай рухсатномаю лицензияга эга бўлмаган, шунчаки пул топиш мақсадида йўловчи ташиётган ҳайдовчилар-чи? Уларнинг етарли уқувга эга эканига ким кафил? Қолаверса, бу соҳанинг ҳам ўз талаблари бор. Вазирлар Маҳкамасининг “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Қарорига асосан, йўналишсиз такси хазматларини кўрсатадиган ҳар бир автотранспорт техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши, уларда банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қиладиган ҳисоб-китоб терминалининг мавжуд бўлиши шарт.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан, даромадга қаратилган ҳар қанақа фаолият хусусий тадбиркорлик ҳисобланиб, давлат томонидан солиққа тортилиши шарт. Шундай экан, яширинча киракашлик қилиш қонунга зиддир. Бу солиқлардан бош тортиш деб баҳоланадиган бўлса, маъмурий жиноят ҳамдир.
Йўлларимиздаги вазиятни назоратга олишнинг вақти келди. Чунончи, бугун содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти ўша ноқонуний киракашларнинг шошма-шошарлиги туфайли юз бермоқда. Бугун аксарият ҳамшаҳарларимизни жиғибийрон қилаётган йўл тирбандлиги ҳам ана шу важдан вужудга келмоқда. Ноқонуний таксиларнинг бекатларда турнақатор туриши, тўхташ мумкин бўлмаган жойда йўловчи олиши, одамлар гавжум ерлар, масалан бозорлар атрофида йиғилиб туриши натижасида кўплаб кўнгилсизликлар содир бўлмоқда. Негаки, юқорида таъкидланганидай, йўл четида турган одамни айнан ўзининг машинасига ўтқазиб, пул ишлаш ниятида бўлган киракашлар дуч келган ерларда тўхтаб, бошқа автомобилларнинг ҳаракатланишига тўсиқ бўлмоқда.

"Айнан ноқонуний таксилар туфайли кўчаларимизда тартибсизлик вужудга келмоқда. Улар тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларига умуман амал қилмайди. Йўловчини олиш мақсадида бир бирини қувиб ўтиш, ҳатто катта йўлда пойга ўйнашдан ҳам тап тортмайдиган ҳайдовчиларимиз туфайли бу масала жиддий муаммога айланди",  дейди Тошкент шаҳар ИИБ “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” бошқармаси инспектори Алишер Абдуқодиров.

Масалага теран ёндашадиган бўлсак, ноқонуний киракашликнинг авж олиб келиши нафақат пулга ўч ҳайдовчиларнинг, балки йўловчиларнинг ҳам айбидир. Айнан улар дуч келган машинага ўтириб, техник ҳолати ва ҳайдовчисининг уқуви ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмай ноқонуний такси хизматидан фойдаланади. Ваҳоланки, ҳар ким ўз хавфсизлиги учун авваламбор ўзи қайғуриши керак. Шундай эмасми? Сиз нима дейсиз: йўловчи ташиш учун шахсий автомобильнинг бўлиши кифоями?!

Муаллиф: Моҳларойим Қаюмова