Россияга доимий яшаш учун келган Ўзбекистон фуқаролари эски намунадаги паспортни янги биометрик паспортга алмаштириш учун сертификат олишлари мумкин бўлган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси олдида катта навбатлар кузатилмаяпти, паспортни алмаштириш жараёни одатий тартибда ўтмоқда, деб хабар бермоқда Sputnik нашри мухбири.

Пастпортни алмаштиришни истовчиларга навбат тез силжиётгани, ҳеч қандай саросима кузатилмаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ бир қатор ОАВларда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллик хизмати бинолари олдида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг биометрик паспортларни расмийлаштириш муддатларини узайтирмасликка қарор қилгани сабабли минглаб одамлар тўплангани ҳақида хабар пайдо бўлган.

Ўзбекистонда 2011 йилдан бошлаб эски намунадаги паспортлар янги биометрик ҳимояга эга паспортларга алмаштирилмоқда. Эски паспортларнинг амал қилиш муддати 2015 йилнинг декабри охирида якунланиши керак эди, бироқ бу муддатни 2018 йилнинг 1 июлигача узайтиришга қарор қилинди.

Бироқ бу имтиёз фақатгина Ўзбекистон ҳудудида яшовчилар ва хорижга кетмоқчи бўлмаганлар учун амал қилади. Хорижга чиқмоқчи бўлганлар мажбурий тартибда биометрик паспорт олишлари шарт.

Таъкидланишича, эски паспортлар 31 декабрдан амал қилмайди, бироқ уларни элчихонада бемалол, ҳеч қандай жаримага солинмаган ҳолда алмаштириш мумкин.